Янгиҳаёт тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар юзасидан туман ҳокими ўринбосари ва туман ҳокимлиги бош юрисконсулти томонидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тушунча берилди. “Жиноят-ижроия кодекси”га маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини аниқлаш мезонлари киритилди.
Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги комиссия томонидан ҳар чорак якунларига кўра, қуйидаги мезонлардан бири асосида белгиланади:
1. Маҳкумнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил ишлаш кўникмаларининг шаклланганлиги, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга қизиқиши;
2. Маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки, унинг ташаббуси, бошқа маҳкумларга ибрат бўлишга интилиши;
3. Маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасасида ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, маҳкумга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилганлиги, унга интизомий жазо чораси қўлланилмаганлиги.
Маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулоса комиссия томонидан расмийлаштирилади ва маҳкумнинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади. Шу билан бирга, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар ишдан бўш соатларда, тунги дам олиш учун ажратилган вақтдан ташқари, кинофилмлар ва телекўрсатувлар кўриш, радиоешиттиришлар ешитиш ҳуқуқига эга бўлди.
Йиғилишда, шунингдек, жиноят содир этган вояга етмаган ёшлар ва диний экстремистик оқим аъзоси сифатида рўйхатга олинган шахслар билан олиб борилаётган ишлар махсус комиссия томонидан муҳокама қилинди.