РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Бугун Телеграм ижтимоий тармоқларидан бирида эълон қилинган “Янгиҳаёт тумани ҳокими ноқонуний қурилган дўконлар «танкасига» айландими?” номли хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 10 июлдаги «Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 409-сонли қарорига асосан, Янгиҳаёт туманидаги Меҳригиё кўчасининг 1 км қисми туну кун фаолият кўрсатадиган савдо, кўнгилочар ва гастрономик ҳудудга айлантирилиши белгиланган.
Қарор ижросини ташкил этиш мақсадида 2024 йил 13 июль куни Янгиҳаёт тумани ҳокими ва сектор раҳбарлари Янгиҳаёт тумани Меҳригиё кўчасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан учрашиб, тадбиркорлик субъектларини 24/7 режимида фаолият юритишига шароит яратиш, жамоат тартиби ва солиқ интизомини таъминлаш бўйича фикр алмашилди.
Йиғилишда туман ҳокими ёки бошқа раҳбарлар томонидан ҳеч қайси масъулга ноқонуний қурилмаларни легаллаштириш ёҳуд ноқонуний фаолиятга рухсат бериш, бу бўйича аҳолидан имзо йиғиш, суд қарорларини бажармаслик, алоҳида тадбиркорлик субъектларига имтиёз, преференция, эксклюзив ҳуқуқлар тақдим этиш бўйича топшириқ ёки кўрсатма берилмаган.
Янгиҳаёт туманида туман ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда, июнь-июль ойларида 35 та ноқонуний қурилмалар аниқланиб, уларнинг 16 таси ихтиёрий бартараф этилган, 19 та ҳолат юзасидан судларга даъво аризалари киритилган. Шу билан бирга, мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан берилган маълумотга асосан, бюронинг иш юритувида ноқонуний қурилмаларни бузишга оид 7 та суд қарори мавжуд бўлиб, уларнинг ичида Меҳригиё кўчасидаги тадбиркорлик субъектларига оид ижро ҳужжати мавжуд эмас.
Жисмоний ва юридик шахсларга Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги мансабдорларининг коррупциявий хатти-ҳаракатлари ҳақида маълумотлари бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишлари тавсия этилади.