Ғуломиддинов Хусниддин 17 ёшда. Ҳозирда туманимизнинг 285-умумтаълим мактабида 11-синф ўқувчиси. 7 йилдан бери миллионлар ўйини саналмиш футбол спорт тури билан шуғулланади.
Ҳозирда спорт машғулотларини Павел Захаров мураббийлиги остида «Тошкент футбол маҳорат мактаби»да олиб боради.
– Футболда энг муҳими жисмоний тайёргарлик дейдиганлар адашади. Агар сиз ақлингизни керакли жойда ишлатиб, кучингизни керакли вақтда сарф қилмасангиз яшил майдонда тўп суришингиздан маъно йўқ, – дейди ёш спортчимиз.
Хусниддин 7 йиллик спорт фаолиятида қатор ютуқларга эришган. Жумладан, ўз жамоаси билан Қозоғистонда ўтказилган «Дўстлик кубоги» мусобақасида 2-ўрин, Тошкент шаҳрида ўтказилган «Профессионал футбол мактаблари лигаси»да 1-ўрин, Ўзбекистон очиқ чемпионатида 1-ўринни қўлга киритган.
Ёш футболчи ўз жамоасида ярим ҳимоячи вазифасида тўп суради. Келажакдаги мақсади Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибига кириб, ўзбек футболини жаҳонга танитиш.