Болалар масалалари долзарблигича қолмоқда
Куни кеча болалар масалалари бўйича туман комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб, комиссия йиғилишида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар қониқарсизлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари ҳамда ёшлар етакчилари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг йўқлиги таъкидланиб, бу бўйича масъул ташкилотларнинг вазиятни ўнглаш борасидаги таклифлари тингланди.
Бундан ташқари, кун тартибида икки нафар фуқаронинг давлат хизматлари ва фарзандини ўқитиш билан боғлиқ муаммолари ўрганилди. Уларнинг бирига тегишли ходимлар бириктирилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиб бериш ҳамда мактаб таълимига жалб қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида ёшлар ўртасида спиртли ичимликлар ва психотроп моддаларга ружу қўйганларни аниқлаш, зарур ҳолларда уларни мажбурий даволаш, шунингдек, гўдаклар ўртасида ўлим ҳолатининг олдини олиш бўйича ўзаро ҳамкорликда ишлар ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.