info@yangihayottumani.uz   Заиф кўрувчилар учун Овозли ўқиш

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2023 йилдаги устувор вазифалар юзасидан туман аҳлига МУРОЖААТИ

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2023 йилдаги устувор вазифалар юзасидан туман аҳлига МУРОЖААТИ
timeicon 19-10-2023

Янгиҳаёт тумани маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2023 йилдаги устувор вазифалар юзасидан туман аҳлига
МУРОЖААТИ

Ҳурматли Янгиҳаёт тумани аҳолиси!

Табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар доим давлат ва жамият ҳаёти учун муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Айниқса, экологик муаммолар жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ҳамда глобал муаммога айланган бугунги шароитда яшил оламни кенгайтириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб саналади.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятларини тўлиқ ишга солиш ҳамда «Яшил макон» кузги мавсумини самарали ташкил этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг 25-октабрдан 1 декабргача «кузги дарахт экиш мавсуми» деб эълон қилинди.
Албатта, биз ушбу ташаббусни Янгиҳаёт туманида ҳар бир маҳаллада, ҳар бир хонадонда, ҳар бир ташкилотда кенг қулоч ёйишини, «Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!» деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Айни кунларда лойиҳа доирасида Янгиҳаёт туманини аҳолига қулай, экологик тоза ва яшаш учун барча имкониятлар мавжуд бўлган ҳудудга айлантириш тадбирлари бошлаб юборилди.
Янгиҳаёт туманида 2023 йил баҳор мавсумида 39 минг тупдан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилди. Жорий йилнинг октабр-декабрь ойларида,
30 317 туп ҳар хил турдаги кўчатлар экилиши режалаштирилган.
Бунинг учун тумандаги марказий ва шоҳ кўчалар, истироҳат боғлари, маҳаллалар ва ижтимоий объектларда бўш ётган ер майдонлари тайёрланди.
Албатта, кўчат экилаётганда туманнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, каштан, лола дарахти, липа, эман, япон сафораси, каталпа, қайрағоч, шумтол, павлония, тут, арча ва бошқа турдаги манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатларини экиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда жараёнлар бошлаб юборилди.

Азиз тумандошлар!

«Яхшидан боғ қолади», деганларидек, бугун қадалаётган ҳар битта ниҳол эртанги кунда фарзандларимиз, келажак авлод учун ҳам файзли боғу роғ, ҳам ибрат маскани сифатида мерос бўлиб қолиши, диёримиз мусаффолиги, гўзал табиатига муносиб улуш бўлиб қўшилишининг ўзи бугунги ҳаракатлардан кутилган энг муҳим муддаодир, аслида.
Албатта, авлодларимиз келгусида муносиб табиий муҳитда, тоза экологик шароитда яшашлари керак. Бунинг учун зарур чора-тадбирларни белгилаган ҳолда тизимли ишларни олиб бориш, аҳолининг, хусусан ёш авлоднинг экологик маданиятни ошириш лозим.
Бунга нуронийлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчиликни ўзи ўрнак бўлган ҳолда ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали шакллантиришга эришиш мумкин. Шу боис, бутун туманимиз аҳолисини ушбу умуммиллий лойиҳада фаол иштирок этиб, тўрт фаслда ҳам кўзни қувнатадиган манзарали ва мевали кўчатларни кўпайтиришга хисса қўшишга чорлаймиз.
Ана шундай эзгу ишлар орқали бутун дунёда кузатилаётган иқлим ўзгаришларига ижобий таъсир этиб, келажак авлодга мусаффо осмон, яшил макон қолдирган бўламиз. Мазкур хайрли ишларда нуроний отахону онахонлар ҳам бош-қош бўлишиб, ёшларни бунёдкорлик тадбирларида фаол бўлишга чорлашлари лозим.
Олдимизда қўйилган мақсадни амалга ошириш учун кўчат экиш тадбирларида ҳар биримиз сидқи дилдан меҳнат қилишимиз, дарахт кўчатларини экиш билан бирга ундириб олиш чорасини кўришимиз зарур.
Ишонамизки, янгиҳаётликлар «Яшил макон» умуммиллий тадбирида фаол қатнашадилар. Кўчат экиш ишларини ҳар биримиз ҳавас билан бажариб, туманимизни боғ-роғларга айлантириш, экологиямиз мусаффолигини сақлашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшиш орқали, фарзандларимизга обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос қолдирамиз!

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech