info@yangihayottumani.uz   Заиф кўрувчилар учун Овозли ўқиш

“ЯНГИҲАЁТ ТУМАНИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАН КУН”

timeicon 11-10-2022

“ЯНГИҲАЁТ ТУМАНИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАН КУН”

 2020 йил 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳрига ташрифи давомида Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ташаббуси билдирилган.

 Туманни ташкил этишда Давлат раҳбари томонидан масъулларга Тошкент шаҳрида барпо этилган янги мавзеларда аҳоли хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш, бошқарувни самарали ташкил этиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, ободонлаштириш ишларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, халқни рози қилиш энг асосий меъзон этиб белгиланди.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йил 8 сентябрдаги 443-IV-сон ва Сенатининг 2020 йил 11 сентябрдаги СҚ-135-IV-сон “Тошкент вилояти Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисида” 2020 йил 11 ноябрдаги
ПҚ–4888-сонли қарорига асосан, Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланиб, янги тумандаги давлат органлари фаолияти йўлга қўйилган.

 Янгиҳаёт туманини ташкил этиш ва фаолиятини ёритишда очиқлик, шаффофлик ҳамда ҳисобдорликни таъминлаш, ижодкорлик, ностандарт ёндашувлар ва ақлли ечимлар орқали эришилган барча ижобий натижалар жамоатчилик билан мулоқот ва аҳоли таклифлари маҳсули ҳисобланади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, туман ҳокимлиги томонидан туманни ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинган 11 ноябрь кунини тарихга мухрлаш, аҳоли ва жамоатчилик ўртасида эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш ҳамда режалар билан ўртоқлашиш мақсадида “Янгиҳаёт ташкил этилган кун” сифатида белгилаш ташаббуси билдирилди.

 Халқ депутатлари Янгиҳаёт тумани кенгашининг “Янгиҳаёт туманида 11 ноябрь кунини “Янгиҳаёт тумани ташкил этилган кун” сифатида кенг нишонлаш тўғрисида” 2022 йил 11 октябрдаги I-43-189-14-220-K/22-сон қарорига асосан туманда ҳар йили 11 ноябрь кунини “Янгиҳаёт тумани ташкил этилган кун” сифатида кенг нишонлаш белгиланди.

 Биз туман аҳолиси кайфиятини кўтариш, инсон қадрини улуғлаш ҳамда халқ билан мулоқот қилиш бўйича ўзига хос ташаббусларни илгари суришда давом этамиз ва жамоатчиликдан туманни биргаликда ривожлантириш бўйича таклифларни кутиб қоламиз.

 Шу билан бирга, “Янгиҳаёт тумани ташкил этилган кун” муносабати билан ўтказиладиган ижтимоий-маданий тадбирларга барчани таклиф этамиз.
“Янгиҳаёт тумани ташкил этилган кун” муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар ҳақида расмий манбаларимиз орқали олдиндан хабар бериб борамиз, бизни кузатишда давом этинг.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech