Ассалому алайкум, қадрли янгиҳаётликлар!
Аввало, туманимиз аҳлини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллик байрами муносабати билан чин қалбимдан табриклайман.
Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек: “Юртдошларимиз учун мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида эмин-эркин яшаш, уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, билим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш, турли давлат хизматларидан фойдаланишга оид кенг имкониятлар яратилмоқда. Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда”.
Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг узоқни кўра олиши, сиёсий иродаси, фидокорона меҳнатлари билан юртимиздаги барча соҳаларда ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Янги бир тараққиёт даври – учинчи Ренессансга пойдевор қўйилмоқда. Энг асосийси, юртимиздаги бу ўзгаришлар дунё давлатлари томонидан эътироф этилмоқда.
Биз истиқомат қилаётган Янгиҳаёт туманининг ташкил этилиши ҳам бевосита Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан амалга ошди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
11 ноябрдаги қарори асосида Тошкент шаҳрида янги бир туман, Янгиҳаёт тумани ташкил этилди.
Юртимиздаги бошқа ҳудудлари каби туманимизда ҳам бугун жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда ва туманимиз ҳудуди бунёдкорлик майдонига айланди.
Бу қисқа вақт ичида туманимизда амалга ошириладиган барча бунёдкорлик ишларини санаб ўтишнинг имкони йўқ. Албатта, буларнинг бари барчамизнинг кўз ўнгимизда юз бермоқда. Бунга ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсиз. Яқин келажакда туманимиз бунданда гўзал қиёфага эга бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, ўз инсоний бурчи ва фуқаролик масъулиятини чуқур англаб, давлатимиз равнақи учун фидокорона меҳнат қилаётган барча соҳа вакилларига, нуроний отахон ва меҳрибон онажонларимизга, навқирон ёшларимизга ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдираман.
Ҳурматли янгиҳаётликлар!
Сизларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва омад ёр бўлсин!
Янгиҳаёт туман ҳокими
Ҳаёт Иногамов