info@yangihayottumani.uz   Заиф кўрувчилар учун Овозли ўқиш

Тил — миллатнинг, манзил —юртнинг юзидир!

Тил — миллатнинг, манзил —юртнинг юзидир!
timeicon 14-08-2025

Бугунги кунда давлат тилининг тўғри қўлланиши нафақат расмий ҳужжатларимизда, балки ҳаётимизнинг энг оддий, аммо энг зарур бўғинларида ҳам ўз аксини топиши шарт. Шу боис, жорий йилнинг 30 июль куни “Давлат тили ҳақида”ги ва “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ, географик объектларни тизимлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 475-сонли қарори қабул қилинди.

Бу қарор оддийгина “кўча кўрсаткичлари” ҳақида эмас. Бу – тартиб, аниқ белги ва қулайлик маданиятини жорий этиш ҳақида. Чунки тил – нафақат сўзда, балки манзилда ҳам аниқликни талаб қилади.

Қарор асосида Географик объектларнинг классификатори ва кўча номи ҳамда кўчмас мулк объекти рақами кўрсаткичини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Яъни эндиликда:

  • Ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик, аҳоли пунктлари ва уларнинг таркибий қисмлари, транспорт ва муҳандислик иншоотлари, шунингдек, табиий объектлар ўзининг аниқ турини, қисқартмасини ва кодини олади;

  • Кўрсаткичлар 3 турдаги материалдан, 3 хил ўлчамда тайёрланади ва ягона стандарт асосида ишлаб чиқарилади;

  • Ўрнатиш баландлиги, жойлашуви, масофаси ва ҳатто ўрнатиб бўлмайдиган ҳолатлар ҳам қатъий белгиланди.

Бу нимани англатади?

Демак, энди бундан буён кўча кўрсаткичлари “ҳар ким ўз билганича” ўрнатадиган ёзувлар бўлмайди. Улар ягона давлат тилида, ягона дизайн ва стандарт асосида, барча учун тушунарли бўлади. Натижада ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги хизмати, такси ҳайдовчилари, шунингдек хорижий меҳмонлар манзилга адашмай етиб боради.

Бу ўзгариш оддийгина кўчаларимизни чиройли қилиш эмас. Бу – маданият ва тартибнинг янги босқичи. Чунки манзилнинг аниқ кўрсатилиши инсон ҳаётини сақлаб қолиши, вақтни тежаши ва хизмат сифатини ошириши мумкин.

Бизнинг вазифамиз — яшаб турган ҳудудимизда кўча номлари ва рақам кўрсаткичларининг қонун талабларига тўлиқ мос бўлишига бефарқ бўлмаслик. Ҳар бир фуқаро ўз манзилининг тўғри ва тартибли белгиланиши учун масъулиятни ҳис қилиши лозим.

Зеро, тил — миллатнинг юзидир, манзил эса юртнинг. Ҳар икки юз ҳам тиниқ ва аниқ бўлиши шарт.

Алишер Уткирович Махкамов,

Янгиҳаёт тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech