Тошкент шаҳри ҳокимлиги Янгиҳаёт туманида жойлашган айрим мавзе ва кўчаларга ном бериш бўйича таклифлар қабул қилиниши ҳақида эълон берди.

Ушбу туман пойтахтнинг Сергели ва Бектемир туманлари таркибидан, шунингдек, Тошкент вилоятининг тўртта туманидан ташкил топган.

«Газета.uz» 2021 йилда Тошкент шаҳри ҳокимлиги Рақамли ривожланиш департаментининг картография ва топонимика бўлими бошлиғи Анвар Жабборов билан суҳбатни эълон қилганди. Унинг сўзларига кўра, пойтахтдаги кўплаб объектларга ҳеч қандай ном берилмаган, 2021 йил апрель ҳолатига кўра, пойтахтда 200 дан ортиқ бундай объектлар мавжуд.

Хусусан, Сергели туманида оддийгина «10-қурилиш майдончаси» деб аталадиган жой бор. «У ердан уй-жой сотиб олган фуқаролар кадастрларида кўчанинг номи ўрнига қурилиш майдончасининг рақами кўрсатилган», — деган Анвар Жабборов.

Шу тариқа Тошкент шаҳри аҳолиси янги ҳудудда яқинда қурилган объектларга қандай ном бериш ёки қайта номлашни таклиф қилишлари мумкин.

Таклифлар 10 октябрдан 17 октябргача қабул қилинади. Таклиф этилаётган ном:

  • географик объектга энг хос бўлган белгиларни акс эттириши;
  • мазкур объект жойлашган ердаги географик объектлар номларининг мавжуд тизимига мос тушиши;
  • маҳаллий аҳолининг географик, тарихий, миллий, этник, тилга оид ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олиши;
  • универсал ва қисқа — кўпи билан учта сўздан иборат бўлиши керак.

Таклифларни Geonom.tashkent.uz сайти орқали йўллаш мумкин.