“UzА” расмий телеграм каналида “Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ишончини масъуллар қай даражада оқлади?” номли мақола эълон қилинди. Ушбу мақоланинг “Янгиҳаёт”нинг эски йўллари қачон ҳаётга қайтади?” номли қисмида Хўжа Учқун маҳалласи, Оҳанггузар кўчасидаги таъмирталаб автомобиль йўли ҳамда кўчани ёритувчи симёғочларнинг носоз ҳолати танқид остига олинган.
Мақолада келтирилган Хўжа Учқун маҳалласи, Оҳанггузар кўчаси Тошкент вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси балансида бўлиб, кўча ҳақиқатдан таъмирталаб ҳолатда.
Ҳозирда ушбу кўчани Тошкент вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармасидан Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани Ободонлаштириш бошқармаси балансига топшириш-қабул қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Ишлар якунлангач жорий таъмирлаш учун дастурга қўйилади. Режага мувофиқ, жорий йилнинг сентябр ойи якунига қадар ушбу кўчани жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 апрелдаги 177-сонли қарори асосида Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани Хўжа Учқун маҳалласининг ёритиш тизими 2023 йил якунига қадар тўлиқ таъмирланиши режалаштирилганлиги маълум қилинади.