Aссалому алайкум, янгиҳаётлик ёшлар!
Сизларни 30 июнь - “Ёшлар куни” билан самимий муборакбод этаман.
Ёшлик инсон умрининг энг ажойиб, куч-қувватга, шижоатга тўлган, ботинида ҳар қандай тўсиқларга қарамасдан, янгилик яратишга иштиёқманд, дунёни янада яхши томонга ўзгартиришга интилиш туйғуси бор даврдир. Шу сабабли, жамиятимизда сизларнинг ўрнингиз беқиёс. Сизлар юртимизнинг эртанги кунга ишончи, улкан марраларни забт этишга қодир билим ва ақл-заковат тимсолисиз.
Мана шундай қувончли кунда, аввало, юртимизда охирги йилларда ўғил-қизларимизнинг ижтимоий фаоллиги, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётганини, Янги Ўзбекистонни барпо этишда навқирон авлодимизнинг муносиб иштирок этаётганини алоҳида эътироф этмоқчиман. Шундай экан, келажагимиз эгалари бўлган, сиз, ёшларнинг орзу-интилишларингизни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларингизни ҳимоя қилиш, ҳар жабҳада билим ва истеъдодингизни рўёбга чиқариш учун имконият эшикларини очиш бизнинг муҳим вазифамиздир.
Шу сабаб, Янгиҳаёт туманида ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, йил бошидан бугунга қадар 1115 нафар ёшлар иш билан таъминланди. Жорий йилнинг ўзида туманда истиқомат қилувчи моддий аҳволи қийин ёшларнинг 29 нафарига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиб, 108 нафар ёшларга асбоб-ускуна (тикув машинаси тўплами, компьютер жамланмаси, сартарошлик жиҳозлари ва ҳоказолар) олиб бериш учун маблағ ажратилди. Шу билан бирга, 144 нафар ёшларнинг шартнома-тўлов суммаси, 13 нафар ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиши учун тўловнинг 75%и, 37 нафар ёшларнинг сафарбарлик чақирув резерви хизмат бадали тўлаб берилди. Бу рақамларни яна давом эттириш мумкин.
Ишонч билан айта оламанки, сизлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб жавоб бериб, юртимиз равнақига, жамиятимиз ривожланишига ўзингизнинг муносиб ҳиссангизни қўшасиз. Зеро, сизга Президентимиз, халқимиз ва ота-онангиз ишонч билдирмоқда. Шу боис, изланишдан, ўз салоҳиятингизни намоён этишдан чарчаманг, ҳар соҳада ўз ўрнингизга эга бўлинг.
Ўз олдингизга қўйган мақсадларингизга эришиш йўлида сизга зафар ва муваффақиятлар ёр бўлсин, эртамиз эгалари!