Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасининг Янгиҳаёт туман бўлими ходимлари томонидан ер тўғрисидаги қонунлар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.
Агентликнинг туман бўлими ходимлари томонидан аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамай, афсуски, жисмоний ва юридик шахслар иштирокида ердан ноқонуний фойдаланиш, ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди. 2023 йилнинг ўтган 10 ойи давомида туман бўйича аҳоли яшаш манзилларида умумий 254 та ҳолатда 7,75 гектар ер майдонида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан қонунбузар фуқароларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жазо чоралари кўрилади. Ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларини ўз вақтида бартараф этиш юзасидан огоҳлантириш хатлари, шунингдек, маъмурий иш кўрилиши юзасидан кўрсатма ва хабарномалар қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этилди.
Жумладан, 192 та ҳолат бўйича маъмурий чоралар кўрилди. 62 нафар шахс ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этгани сабабли жавобгарликдан озод қилинди.
Шунингдек, ўтказилган назорат тадбирлари давомида 134 та ҳолатда фуқаролар томонидан 5,83 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича тушунтириш ишларининг олиб борилиши натижасида 70 та ҳолатда 4,72 гектар ер майдони фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилиб, асл ҳолатига қайтарилди. Қолган 64 та ҳолат юзасидан суд тартибида кўриб чиқиш учун суд органларига даъво аризалари киритилди.
Ер кодексининг 91-моддаcига кўра, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.
Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан, ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Шундай экан, ерга оид қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишингиз, бу йўналишдаги ҳуқуқий билимларингизни мунтазам равишда ошириб боришингиз зарур, албатта. Чунки қонунни билмаслик жавобгарликдан озод бўлишга асос ҳисобланмайди.
Хайрулла ЮНУСОВ,
Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси Янгиҳаёт тумани бўлими бошлиғи