info@yangihayottumani.uz   Для незрячих Голосовая чтение

Аҳолини рўйхатга олиш саволнома варағи шакллари

Аҳолини рўйхатга олиш саволнома варағи шакллари
timeicon 20-11-2024

Аҳолини рўйхатга олиш саволнома варағи шакллари

Саволномаларга маълумотлар аҳолини рўйхатга олишнинг аниқ пайти бўйича киритилади. Аҳолини рўйхатга олишнинг аниқ пайтидан кейин содир бўлган жараёнлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотларни йиғиш амалга оширилмайди. Масалан, аҳолини рўйхатга олишнинг аниқ пайтидан кейин туғилган чақалоқлар учун саволномалар тўлдирилмайди, лекин аҳолини рўйхатга олишнинг аниқ пайтидан кейин вафот этган шахслар учун саволнома тўлдирилади. Саволномалар вафот этган шахсларнинг оила аъзолари ёки ўзини ўзи бошқариш органларидаги мавжуд маълумотлар базаси асосида тўлдирилади.

Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг асосий усули – аҳоли (респондентлар) ўртасида сўров ўтказиш орқали саволномаларни тўлдириш ҳисобланади. Сўров аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар томонидан амалга оширилади.

Респондентларнинг шахсга доир маълумотларни тўплаш вақтинча жалб этиладиган ходимлар томонидан, Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонунининг 24-моддасида махсус ижтимоий муассаса ва ташкилотлар ходимлари томонидан сўров ўтказиш йўли билан амалга оширилади, шунингдек Интернет тармоғида махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда электрон саволномаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.

Саволнома шакллари қуйидагилардан иборат:

1-шакл. «Турар жойнинг хусусиятлари ва унда яшовчилар рўйхати»;

2-шакл. «Шахсга оид саволнома», ўз ичида шахсга оид саволларни акс эттирган саволнома шакли бўлиб, бунда турар жойда вақтинча турганлар учун ҳам тўлдирилади.

3-шакл. «Ўзбекистон Республикасига вақтинча келган чет эл фуқаролари учун саволнома», доимий бошқа мамлакатда яшовчи, аммо аҳолини рўйхатга олиш даврида вақтинчалик Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи ёки ташриф буюрган (туристик мақсадларида, ўқиш, ишлаш, сайёҳат, даволаниш, хизмат сафари билан боғлиқ, қариндошларини кўриш мақсадлари ва ҳ.к.) шахслар учун тўлдирилади.

4-шакл. «Аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан шахсга доир маълумотларни йиғиш бўйича саволнома», махсус муассаса ва ташкилотларда рўйхатга олинадиган респондентлар учун мўлжалланган бўлиб, саволномада ушбу муассасада яшовчиларнинг рўйхати ёзилади ва шу билан биргаликда ҳар бир респондент учун 2А-шакл ҳам тўлдирилади.

Аҳолининг айрим тоифалари – Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари ходимлари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда уларнинг ўзи билан бирга бўлган оила аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотлардаги квоталанган лавозимларга юборилганлар, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар, контракт бўйича ҳарбий хизматга жалб этилган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ёпиқ ҳудудларда яшаётган оила аъзолари, зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларида, қамоқда сақлаш жойларида, тергов ҳибсхонасида, ахлоқ тузатиш муассасаларида ва махсус муассасаларда яшаётган (бўлган)лар; болалар интернатларида, «Болалар шаҳарчалари»да, ижтимоий муассасаларда, мурувват ёки саховат уйларида, диний муассасаларда, шифохоналарда ва бошқа соғлиқни сақлаш ташкилотларида яшаётган (бўлган ёки даволанаётган)лар, уйсиз (бошпанасиз) шахслар ҳисобланади.

5-шакл. «Вақтинча турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун назорат варақаси», доимий яшаш жойи республикамизнинг бошқа ҳудудида бўлиб, аҳолини рўйхатга олиш даврида вақтинча бошқа ҳудудда яшаётган (бўлиб турган) шахслар учун мўлжалланган. Мисол учун, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан келиб, Тошкент шаҳрида вақтинча яшаётган шахслар.

«Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ, аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, республика ҳудудидан ташқарида бўлган, лекин Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари респондентлар ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олиш жараёнида республикада ёки хорижий давлатларда вақтинча бўлиб турган барча Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ва рўйхатга олиш вақтида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда хорижда доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш вақтида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган барча шахслар рўйхатга олинади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган чет давлатлар доимий ваколатхоналарининг, халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ва чет давлатлар ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналарининг ходимлари бўлган чет эл фуқаролари ҳамда уларнинг оила аъзолари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ дипломатик имтиёзларга ва иммунитетга эга бўлган бошқа шахслар рўйхатга олинмайди.

Аҳолини рўйхатга олиш пайтида чет элга бир йил ёки ундан ортиқ муддатга хизмат сафари, ишлаш, ўқиш, шунингдек дам олиш, даволаниш учун ёки бошқа мақсадда кетган шахслар рўйхатга олинмайди.

Респондентлар ўзининг (доимий ёки вақтинча) яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади. Кунлик тунги дам олишининг кўпроқ қисмини ўтказадиган уй, квартира, яшаш учун фойдаланилаётган бошқа турар жой ёки нотурар жой бино яшаш жойи ҳисобланади. Бу жой респондент рўйхатдан ўтган (рўйхатга қўйилган) манзил билан мос келиши ёки мос келмаслиги ҳам мумкин.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech