info@yangihayottumani.uz   Для незрячих Голосовая чтение

Ҳурматли янгиҳаётликлар ва туманимиз меҳмонлари!

Ҳурматли янгиҳаётликлар ва туманимиз меҳмонлари!
timeicon 01-09-2022

 

Сизларни халқимизнинг энг буюк, энг азиз байрами – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами билан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонингизга файзу барака ва фаровонлик тилайман.

Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида туманимизда ҳам бир қатор қурилиш ва бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Шу кунгача туманимизда 4 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 та 1 680 ўринли умумий ўрта таълим мактаби, 2 та 250 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника, 15 та маҳалла фуқаролар йиғини бинолари, 1 та банк шаҳобчаси, 1 та милиция таянч пункти, 1 та Ички ишлар бўлими биноси ҳамда Давлат хизматлари маркази қурилиб фойдаланишга топширилди.

Йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш бўйича жами 297 та марказий ва ички кўчаларида 589 минг кв.м (97,4 км) йўлларни қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Туман аҳлининг фаровонлиги учун олиб борилаётган ишлар шу билан тўхтаб қолгани йўқ. “Чортоқ” маҳалласида мактаб биноси, Хушнуд маҳалласида Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, оилавий поликлиника қуриш ишлари олиб борилмоқда. Келгусида “Чароғон” маҳалласида 300 ўринли шифохона қуриш, 80 минг аҳолига хизмат кўрсатувчи марказий кўп тармоқли поликлиникани капитал таъмирлаш режалаштирилган.

 Бундан ташқари жорий йилнинг ўзида 1610 ўринли бўлган жами 3 та янги боғчаларни фойдаланишга топшириш режа қилинган. Хусусан, туман ҳокимлиги ташаббуси билан индивидуал лойиҳалар асосида 320 ўринли бурчаксиз ҳамда 720 ўринли мухташам боғчалар қурилмоқда. Шунингдек, ҳозирги кунда 1 та тез тиббий ёрдам станцияси қурилиб, фойдаланишга топширилиш жараёнида.

 Азизлар, Мухтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзингизга дастуруламал қилиб олган ҳолда Мустақил Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши, ривожланиб равнақ топиши учун биз билан елкама-елка бўлиб фидокорона олиб бораётган ишларингизга омад тилайман.
Юртимиз тинч, Мустақиллигимиз абадий бўлсин.

Янгиҳаёт тумани ҳокими
Х.Иногамов

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech