Расмий муносабат
Куни кеча Facebook ижтимоий тармоғида “Дарахтларга ўхшаб энди болалар майдончаларига ҳам мораторий эълон қилиш керак(ми)?!” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда болалар майдончаси жойлашган жойга ярим тунда дўкон ўрнатиб кетилгани ҳақида айтилган.
Маълум бўлишича, “Temur savdo” хусусий корхонаси томонидан кўчма савдо учун “Янги Умид” маҳалласи, 34-уй олдидаги 40 кв.м. бўш турган жой жорий йилнинг 25 май куни электрон онлайн аукцион орқали 36 ой муддатга сотиб олинган. Лекин шу ерда яшовчи аҳолининг норозилиги сабаб енгил турдаги қурилма юридик шахс томонидан ўзбошимчалик билан болалар майдончаси ҳудудига ўрнатилган.
Туман ҳокимлиги томонидан “Temur savdo” хусусий корхонаси раҳбари бир неча маротаба огоҳлантирилганига қарамай, яна ўзбошимчалик ҳолатига йўл қўйилган. Қолаверса, юридик шахс томонидан ўрнатилган савдо дўкони кўчма савдони амалга ошириш талаблари ва шартларига зид. Бугуннинг ўзида муаммо бартараф этилиб, кўчма савдо дўкони болалар майдончаси ҳудудидан олинди.
Туман ҳокимлиги фуқаролар мурожаати доим эътиборда эканлигини, ҳар бир мурожаатга қонуний равишда чора кўрилишини маълум қилади.