Ўзбекистон Республикасининг Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида Қонуни ва ундаги асосий тушунчалар
Ўзбекистон Республикасининг Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида Қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2019 –йил 21 ноябрда қабул қилинган. Сенат томонидан 2020 йил 28 февралда маъқулланган. Мазкур Қонуннинг мақсади аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аҳолини рўйхатга олиш — Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг муайян ҳудудларида ўтказиладиган, белгиланган санада аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифларини белгиловчи шахсга доир маълумотларни йиғиш ҳамда уларга ишлов бериш даврий жараёни;
аҳолини рўйхатга олиш санаси — аҳоли тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва ҳисобга олиш амалга ошириладиган аниқ пайт (йил, ой, кун ва соат);
респондентлар — аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
рўйхатга олиш варағи — кўрсатилган саволлар бўйича шахсга доир маълумотларни ёзиб олиш учун белгиланган шаклдаги бланка;
рўйхатга олиш ҳужжатлари — аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнига тааллуқли ҳужжатлар мажмуи;
рўйхатга олувчи ходимлар — Ўзбекистон Республикасининг аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўришга ва уни ўтказишга жалб этилган, махсус ўқувдан ўтган вояга етган фуқаролари;
уй хўжалиги — битта турар жойда ёки унинг бир қисмида биргаликда яшайдиган, ўзини яшаш учун барча зарур нарсалар билан таъминлайдиган, умумий хўжалик юритадиган, пул маблағларини тўлиқ ёки қисман бирлаштирадиган ва сарфлайдиган шахслар йиғиндиси. Бу шахслар қариндошлик муносабатларида бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин. Уй хўжалиги битта шахсдан иборат бўлиши мумкин.