Аҳолини рўйхатга олиш нафақат аҳоли сони ва демографияси балки оилавий аҳволи, яшаш шароити, бандлиги, жинси, ёш даражалари,фуқаролиги, ҳудудларда аҳоли зичлик даражаси ва бошқа ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари ҳақида ишончли маълумот тўплаш имконини беради. Бу ўз навбатида ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш, бўш иш ўринларини ташкил этишга ёрдам беради. Бундан ташқари ҳудудларнинг хариталаридаги мавжуд хатоликларга ечим топиш бўйича аниқ таклифлар бериш имконини вужудга келтиради.
Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчиси, тайёргарлик босқичи бўлиб, уч йилга яқин вақт давом этади. Иккинчиси, асосий босқич бўлиб, бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади. Бу тахминан икки ой муддатни ташкил этади. Сўнгги босқич қарийб уч йил давом этиб, олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилиниб, натижалар эълон қилинади. Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади. Яъни бундан бу ёғига қоғозбозликдан воз кечиб, замонавий технологияларни жорий этишга эътибор қаратилади
Хулоса урнида шуни айтиш лозимки,аҳолини рўйхатга олиш бу мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги “фотосурати”ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.
А.Маматов
Янгиҳаёт тумани статистика бўлими бошлиғи