Юртбошимиз жорий йилнинг 16 март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи чоғида соҳани такомиллаштириш, хусусан, солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, «Солиқчи- кўмакчи» тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан тушунтириш мақсадида, 28-29 март кунлари Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Давлат солиқ қўмитаси раиснинг ўринбосари иштирокида Янгиҳаёт туманида ўтказилган учрашувда туманимизда фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этишди.
Туман давлат солиқ инспекцияси томонидан 2022 йилнинг Сентябрь ойи давомида амалга оширилган айрим маълумотларга эътиборингизни қаратсак. Давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан туманда жами 2 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилди.
Учрашувларда қарийб 61 нафар тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Айни пайтда туманда 1195 тага яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатади. Йил бошидан буён «Солиқчи-кўмакчи » тамойили асосида туманимиздаги 1195 та корхонанинг 41 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 35 тадан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.
Янгиҳаёт туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 24 та корхонадаги 170 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди.
Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 12 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 124 нафар, қурилиш корхоналарида 32 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 4 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 764,5 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.
Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда.
Хусусан, 2020 йилда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мол-мулк солиғи эса 2 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Айланмадан олинадиган солиқ ставкаси ўтган йилги фоиздан сақлаб қолинди. Натижада Янгиҳаёт тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари туманда 1,5 баравар кўпайган бўлса, айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар сони 1056 дан 1195 тага етди.
Жорий йилнинг Сентябрь ойида «солиқ-ҳамкор» дастури орқали туман ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳукукбузурликлар тўғрисида жами 34 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатлар юзасидан 34 та сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. 2022 йилнинг 3-чораги давомида тушган ушбу мурожаатларнинг барчаси ўз тасдиғини топди.
Мурожаат қилган 22 нафар фуқароларнинг банк пластик карточкасига 7.9 млн. сўм пул маблағлари белгиланган тартибда ўтказиб берилди. Сентябрь ойи мобайнида 1 та корхонага ер солиғи, 2 та корхонага мол-мулк солиғи, 2 та корхонага ижтимоий солиқ, 4 та корхонага айланмадан олинадиган солиқ учун солиқ тўловларидан имтиёз қўлланилди.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Янгиҳаёт тумани Давлат солиқ инспекцияси ходимлари «Солиқ-кўмакчи » тамойили асосида Сизларга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёр. Бизга мурожаат қилинг. Барча саволларингизга жавоб беришга ва билмаганларингизни ўргатишга астойдил кўмаклашамиз.
Акбархон Ибрагимов, Янгиҳаёт тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи